4:38 PM Тошкентнинг ташриф қоғози – пойтахт мозаикалари қандай пайдо бўлган? | |
|
Тошкентдаги кўп қаватли уйлардаги бир-биридан фарқли, ранг-баранг мозаикаларни кўрган бўлсангиз керак. Улар аллақачон Тошкентнинг ташриф қоғозига айланган – туристлар учун улар қизиқарли санъат асарларидир. Мозаикалар 1966 йилдаги даҳшатли зилзиладан кейин вужудга келган – собиқ СCСР давлатлари бу санъат намуналарини биргаликда яратган. Kun.uz пойтахт мозаикаларининг тарихи, архитекторлар нега уйларни мозаикалар билан безатгани, улар қандай маъно англатиши ҳақида видео тайёрлади. Мозаикалар – собиқ иттифоқ давлатларининг биргаликда яратган санъат асари Тошкент мозаикалари – биз уларнинг олдидан бошимизни ҳам кўтармай ўтиб кетамиз. Лекин Ўзбекистонга келган туристлар учун пойтахт мозаикалари шу қадар ўзига хоски, бундай архитектура намуналарини бошқа шаҳарларда учратиш қийин дейишади. Улар мозаикалар билан безалган уйлар ёнида албатта расмга тушиб кетади.
Маълумотларга кўра, ҳозир Тошкентдаги 150та бинонинг фасад қисмида тарихий-бадиий аҳамиятга эга мозаикалар бор. Хўш, бутун шаҳарнинг қиёфасига кўрк бўлиб турган мозаикалар қандай пайдо бўлган? Аслида, улар сейсмик модернизм намуналари бўлиб, Тошкент зилзиласидан кейин вужудга келган, Мозаикалар архитекторларнинг ажойиб топилмаси бўлиб қолмай, улар собиқ СССР давлатларининг биргаликда яратган санъат асари ҳамдир. 1966 йилда Тошкентда содир бўлган даҳшатли зилзила туфайли 300 мингдан зиёд аҳоли бошпанасиз қолади, 2236та маъмурий бино, 700га яқин савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари ва мингга яқин бошқа бинолар зарар кўради. Талафотдан кейин Тошкентни қайта барпо этиш ва жуда кўп аҳоли турар жойларини қуриш керак эди.
Архитектура фанлари номзоди, профессор Абдуманноп Зиёевнинг айтишича, зилзиладан кейин янги Тошкент вужудга келган.
Тошкент мозаикалари анъанасига ким асос солган? Тошкентдаги деярли ҳар бир тўққиз ва беш қаватли бинонинг деворлари шарқона, орнаментал услубдаги улкан мозаик панеллар билан безатилган. Тошкентдаги кўп қаватли уйларга мос бу хусусиятини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Бу мозаик паннолар анъанасига ака-ука архитекторлар – Пётр ва Николай Жарскийлар асос солган. Улар Францияда россиялик муҳожирлар оиласида туғилган. 1947 йилда бутун оила Россияга қайтади. Ленинград рассомлик университетини тугатган ака-укалар 1966 йилда Тошкентни қайта тиклашга юборилган. Николай Жаркий Тошкентга келишини шундай эслайди:
The Mag журналининг ёзишича, биринчи мозаик панно Муқимий кўчасидаги 9 қаватли турар жой биносида ўрнатилган. Кейин Пётр Жарскийнинг иши меъморлар орасида машҳур бўлди. Дастлаб янги кўп қаватли бинолар учун мўлжалланган санъат кейинчалик кириш эшикларида, фавворалар, гумбазлар ва ҳатто метро станцияларида пайдо бўла бошлади. Ака-ука меъморлар 20 йилдан ортиқ меҳнат фаолиятида 400дан ортиқ кўп қаватли турар жой биноларига безак берган. Ака-укалар нега уйларни мозаикалар билан безаган? Айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, зилзиладан кейин шаҳарда шошилинч тарзда жуда кўп панел уйлар қуришга тўғри келган. Уйлар шакли бир хил бўлиб, унчалик жозибадор бўлмаган. Шу сабабли Жарскийларнинг ғояси асосида кўп қаватли уйлар мозаикалар билан безатилган.
“Ташкент Модернизм” лойиҳаси муаллифи Александр Федоровнинг айтишича, ўзида эркинлик кайфиятини акс эттирган архитектура стили – модернизм Тошкентга зилзиладан кейин кириб келган. Унинг фикрича, шу сабабдан Тошкент архитектураси сейсмик модернизм архитектураси деб аталади.
Александрнинг таъкидлашича, уйларни қурган ёки лойиҳалаган одамларнинг хаёлида коммунизмни тарғиб этиш бўлмаган.
Мозаикалар қандай қурилган? Архитектор Абдуманноп Зиёевнинг айтишича, мозаикаларни қуриш технологик жиҳатдан қийин иш бўлмаган.
Архитектор Равшан Тўхтаев мозаик панеллар қандай тайёрланиши ҳақида гапириб берди. Мутахассис жараён мураккаб туюлса-да, аслида, эскизлар тайёрлаб олинса, улар асосида панелларни қуйиш техник жиҳатдан қийин иш эмаслигини айтади. Шу сабабли шошилинч қурилган уйларни безашда мозаикалар ажойиб ечим бўлган.
Кейинги босқичда панел қолипининг тагига керамика (юзини пастга қаратиб) қўйилган ва устидан бетон қуйилган. Шунда керамиканинг орқа томонига бетон қуйилади-да,орасидаги чоклари ҳам бетонга тўлади ва панел мустаҳкам бўлади. Қуригандан кейин, бетоннинг юзида қоғоз кўрамиз, қоғоз сувда ювиб ташланади. Керамика сувдан қўрқмайди; қоғоз ювиб ташлангандан кейин мозаика кўринади. Тайёр панеллар жойига олиб бориб монтаж қилинади”, — aрхитектор. Архитекторлар мозаикалар билан нималарни ифодалаган? Уйлар сейсмологик ҳолати ва дизайн ҳолатига кўра фарқларга эга. Аксарият турар жойлардаги мозаикалар (уларни 15та собиқ СССР давлатлари қурган бўлса-да) битта халққа тегишли эмас. Мозаикалар учун Марказий Осиё маданиятини акс эттирувчи тор йўналиш танланмаган. Улар ностандарт визуаллар, нақшларни ифодалаб, айнан бир мозаикани бирор давр ёки халққа тегишли дейиш қийин. Уларда кўпроқ шарқий орнаментлардан фойдаланилган, қуёш, сув ёки айрим жойларда бодом нақшларини кўриш мумкин. Ўзбекистонда турли халқлар яшаган, эҳтимол нақшлар Марказий Осиё халқларининг умумий ҳолатидан келиб чиқиб тасвирланган. Аксар мозаикаларда бирор жой ёки давр ифодаланмайди.
Айнан бир мозаикани муайян давр ва ҳолатни ифодалайди деб айтиб бўлмайди. Тошкентдаги мозаикаларда социалистик, яъни бир томонда Ленин ва яна бир томонда Сталин, ёки бир томонда “ўқиш, ўқиш, ўқиш” деган пропаганда умуман йўқлиги учун улар менга жуда ёқади”, — дейди Александр Федоров. Унинг таъкидлашича, мозаикалар одамларга нимадирлар ҳақида сўзламаса ҳам умумий визуал маданиятни ўзида сақлаб келади. Айнан “тур, ўқи, ишла” каби чақириқ ва шиорларни уқтирмоқчи бўлмайди, чунки улар вақтдан ташқарида. Мозаикаларга муносабат: уларни қандай асраш керак? Афсуски, сўнгги йилларда Тошкентдаги мозаикаларга нисбатан ёмон муносабатга гувоҳ бўлдик. Уларнинг бир қисми бўяб ташланди. Жамоатчиликнинг эътирозларидан кейин мозаикаларни бўяш тўхтатилди. Архитектор Равшан Тўхтаевнинг фикрича, бирор мозаикали бино инвесторга сотилганда унинг зиммасига мозаикани асраб қолиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказишни юклаш керак. У яқинда бузилиш хавфи остида қолган “матбуотчи” мозаикаси ҳақида гапираркан, унга ҳам шундай муносабатда бўлиш кераклигини айтади. Александр Федoров эса мозаикалар қурилганидан бери ҳеч ким уларга қайғурмагани ва таъмирламаганини айтади. Унинг фикрича, давлат томонидан қилиниши керак бўлган ягона иш уларни бузиш, тегиниш, ҳар хил рекламаларни илишни тақиқлаш бўлади.
2021 йилда Тошкентдаги мозаикаларга маданий тарихий мерос мақомини бериш таклиф қилинган. Тошкент шаҳар маданият бошқармаси мутахассиси Шоҳрух Ҳошимовнинг айтишича, мозаикаларни Ўзбекистон Республикаси маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритиш бўйича берилган таклиф асосида мозаикаларнинг тарихи, уларнинг жойлашуви ва ҳозирги ҳолати ҳақида маълумотлар йиғилган.
Александрнинг айтишича, Тошкентни кўпчилик советча қурилган деб ўйлайди, лекин Тошкент модернист шаҳар.
Муаллиф – Мадина Очилова. | |
|
| |
| Всего комментариев: 0 | |